“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Миллий гвардия марказий девонида видеоселектор тарзидаги семинар бўлиб ўтди
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш мақсадида, Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор тарзидаги мазкур йиғилиш ҳам айнан шу мавзуга бағишланди ва семинарнинг асосий маърузачиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик А.Саидов иштирок этди.
Маърузачи томонидан, йиғилишда иштирок этган Миллий гвардия қўмондонлиги, марказий девон ҳамда ҳудудий бўлинмалар шахсий таркибига, Конституциямизга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб, “Инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган эзгу тамойиллар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Маърузачи Акмал Холматович Саидов “Конституциявий комиссия раиси” сифатида, Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга бевосита раҳбарлик қилаётганлиги туфайли ўзининг бой тажрибаси билан семинар иштирокчилари билан очиқ мулоқотга киришди.
Унда ҳарбий хизматчи ва ходимлар мавзуга оид қизиқтирган саволларига жавоб олиш билан бирга, янги лойиҳага ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, асосий қонунимиз ҳисобланган Конституциянинг янги ислоҳотлари – мамлакатимизда фуқароларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада таъминлашга ҳамда ҳимоя қилишга қаратилган “тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланиши” ва мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим ҳуқуқий асос бўлишига ишонч билдиришди.