“Янги Ўзбекистонда оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишнинг долзарб масалалари” мавзусида аёл ҳарбий хизматчи ва ходималар иштирокида семинар бўлиб ўтди. Шунингдек, тадбир доирасида Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳар “Қўриқлаш” бошқармасида “Янги Ўзбекистонда оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишнинг долзарб масалалари” мавзусида аёл ҳарбий хизматчи ва ходималар иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда тизимнинг вилоят бошқармалари видеоконференц алоқа орқали қатнашди.
Семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари полковник С. Мамаюсупов қутлов сўзи билан мурожаат қилди. Унда сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва мавқеи ортиб бораётгани, раҳбар аёллар сафи, жумладан, Миллий гвардия тизимида ҳам ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, С. Мамаюсупов ўз нутқида “Тўмарис издошлари” кўрик-танлови қизларда ғалабага интилиш, юксак жанговар ва маънавий руҳ, юксак ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилаётганига урғу берди. Шунингдек, аёл ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг хизматлари нафақат гвардия қўмондонлиги, балки давлат раҳбарияти томонидан ҳам юксак қадрланишини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг, Миллий гвардия Марказий девони Тарбиявий-мафкуравий ишлар бошқармаси ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя (хотин-қизлар билан ишлаш бўйича) бўлими катта офицери подполковник Б. Ашурматованинг ушбу йўналишда Миллий гвардия бўлинмаларида хотин-қизлар жамоатчилиги кенгашлари томонидан олиб борилган ишлар юзасидан маърузаси тингланди. Миллий гвардия томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, соғлом турмуш тарзи ва спорт тарғиботи борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Йиғилганлар эътибори Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилаётган хотин-қизларни, шунингдек, ҳарбий хизматчи ва ходимлар, эркин ёлланган хизматчиларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баситханова Илмира, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хотин-қизларни ҳуқуқларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат қилиш бошқармаси бошлиғи адлия маслаҳатчиси Юсупов Авазбек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Республика Маънавият ва маърифат маркази маслаҳатчиси, Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси эксперти, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи, профессор Дилшод Мирзажоновалар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар, кейинги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлашди. Давлат раҳбарининг “2023 йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, қонуний манфаатлари, гендер тенглиги, шунингдек, аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ана шундай ҳужжатлардан бири бўлди. Шу тариқа, президентимиз раҳбарлик лавозимларида ишлаётган хотин-қизларнинг улушини 30 фоизга етказиш, жамиятда аёлларга нисбатан зулм ва зўравонликка қарши курашиш маданиятини шакллантириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, тадбирда Миллий гвардия ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, аёл ҳарбий хизматчилар ва Миллий гвардия ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун, шу билан бирга, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, дунёқараши ва интеллектуал салоҳиятини кенгайтириш ҳамда тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган.
Тадбир давомида Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.