Янги Наманган туманида қайта қуриб битказилган Меҳрибонлик уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Куни кеча Янги Наманган туманида қайта қуриб битказилган 26-сонли Меҳрибонлик уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирок этиб, болаларнинг келажакдаги орзу ва мақсадлари рўёбга чиқишига ҳамда уларнинг соғлом, бақувват ва юртга фидокор фарзанд бўлиб улғайишига тилакдош эканликларини айтиб ўтишди.
Шундан сўнг, барча меҳмонлар янги қиёфадаги болажонларнинг уйлари билан танишиб, яратилган шарт шароитларни ўрганишди.
Янги бинода ёшлар ўз қизиқишлари асосида турли хил тўгаракларга қатнашиш имкониятига эга бўлиб, бу ерда айни вақтда рассомчилик, хореография ва спортнинг турли йўналишлари бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, дарсдан ташқари болаларни касбга йўналтириш мақсадида тикиш ва бичиш, сартарошлик, компьютер ва фотосурат сирлари ўргатиладиган тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларнинг мунтазам фаолият юритишлари учун барча шарт шароитлар яратилди.
Меҳрибонлик уйида яратилган имкониятлар тарбияланувчилар учун мустақилликнинг 30 йиллиги туҳфаси бўлди.