ЁШЛАР ОТ СПОРТИ ЎЙИНЛАРИДА ФАОЛ
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан Жарқўрғон туманида уюшмаган ёшлар ўртасида “От устида кураш” ҳамда “Оломон пойга” миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. От жиловини маҳкам тутган ҳолда мувозанатни сақлаб, бор куч ва шижоати билан рақибни отнинг устидан йиқитиш ёки белгиланган ҳудуддан чиқариб ташлаш жуда мураккаб вазифадир. Қизғин кечган беллашувларда ёшларнинг чапдастлиги, маҳорати синовдан ўтказилиб, воҳалик номдор чавандозлар томонидан уларнинг ҳаракатлари баҳоланиб борилди.
Шунингдек, от пойгаси ҳам янада шиддатли ва завқли бўлди. Мусобақа якунида, баҳсларда ғолиб бўлган чавандозларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Айтиш керакки, ёшларни мазкур мусобақалар орқали чавандоз-полвонлар этиб тарбиялаш, уларни миллий ва замонавий от спорти турларига қизиқтириш муҳим аҳамиятга эга.