Ёшлар ўртасида Миллий гвардия кубоги мусобақалари
Ёшлар ўртасида спортнинг “Камондон отиш” ва “Мини футбол” турларини янада оммалаштириш бўйича Миллий гвардия ҳудудлардаги ички ишлар органлари ва Ёшлар сиёсати ва спорт бошқарма билан ҳамкорликда ноябрь ойига қадар болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Миллий гвардия кубоги мусобақаларининг саралаш ҳамда республика босқичларини ўтказишни режалаштирган. Ҳозирда мусобақалар қизғин давом этмоқда.
Нурафшон шаҳрида Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу “Мини футбол” ва “Камондан отиш” спорти турлари бўйича мусобақаларда вилоятдаги барча туман ва шаҳарлардан ўғил ва қизболалардан иборат 16 та жамоа иштирок этишиб, ўзаро ғолиблик учун беллашишди. Иштирокчилар биринчиликни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишди. Ҳар бир беллашув қизғин баҳсларга бой ўтди. Мусобақаларни тажрибали спорт ҳакамлари одилона баҳолаб боришди.
Мусобақада энг кучли, фаол, маҳоратли, мерган, аҳил жамоа сингари номинацияларда ғолиблар сараланди. Шунингдек, энг яхши мураббий ҳам аниқланди.
Якунда “Мини футбол” спорт турида 3-ўринни Бекобод шаҳар, 2-ўринни Паркент тумани, 1-ўринни Ангрен шаҳар жамоалари қўлга киритишди. “Камондан отиш” спортида эса қизлар ўртасидаги баҳсларда барча совринли ўринларга Бекобод шаҳри жамоаси эгалик қилган бўлса, ўғил болаларда эса 3-ўрин Бекобод шаҳар, 2-ўрин Тошкент тумани ва 1-ўрин Ангрен шаҳар ёшларига насиб этди. Тадбир сўнгида барча ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилди. Биринчиликни қўлга киритган жамоалар пойтахтимизда ўтказиладиган Миллий гвардия кубогининг республика босқичида иштирок этишади.