Ёшлар орасида маънавий муҳитни янада юксалтириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейида “Маънавият фестивали” кенг кўламда ташкил этилди.
Ушбу фестиваль “Биз янги Ўзбекистоннинг бахтиёр фарзандларимиз” шиори остида ўтказилиб, у нафақат байрамона тадбир, балки маънавият, санъат ва миллий анъаналар уйғунлигини ўзида мужассам этган катта маданий лойиҳага айланди.
Фестиваль доирасида бир қатор мазмунли ва ранг-баранг тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, миллий ўйинлар ва спорт мусобақалари, музей ва театрларга ташрифлар, “Балли қизлар” ва футбол бўйича “Директор кубоги” учун беллашувлар ўтказилди. Шунингдек, болалар нигоҳида “Наврўз олами” мавзусида суратлар танлови ҳамда билимлар викториналари ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишга хизмат қилди.
Фестивалнинг энг ёрқин қисмларидан бири — “Сумалак сайли” бўлиб, у миллий қадриятларимиз ва Наврўз анъаналарининг ажралмас қисми сифатида барчада илиқ таассурот қолдирди. Шу билан бирга, “Кўклам неъматлари” дастурхони, китоблар кўргазмаси ва савдоси, ёш ихтирочилар ишлари, рассомлар кўргазмаси ҳамда миллий либослар намойиши ташкил этилди.
Тадбир доирасида ўтказилган театраллаштирилган концерт дастури алоҳида аҳамият касб этди. Унда турли ҳудудлардан тайёрланган бадиий-мусиқий чиқишлар, миллий қўшиқ ва рақслар, халқ чолғулари ижроси намойиш этилди. Карнай-сурнай садолари, “Лезгинка”, “Хоразм лазгиси”, “Андижон полькаси” каби рақслар ва қўшиқлар томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Шунингдек, “Муай тай” спорт зали очилиши каби муҳим воқеалар ҳам фестивалга алоҳида мазмун бахш этди. Бу эса ёшларнинг нафақат маънавий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам баркамол бўлиб вояга етишларига хизмат қилади.
“Маънавият фестивали” — бу фақат тадбир эмас.
Бу — миллий ўзлигимизни англаш, қадриятларимизни асраш ва ёш авлод қалбига ватанпарварлик, садоқат ва юксак мақсадлар руҳини сингдириш майдонидир.
Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейида ўтказилган мазкур фестиваль барча иштирокчилар ва меҳмонлар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Келажакни яратаётган ёшлар — айнан шундай маънавий муҳитда тарбия топади.