ЮКСАК МУКОФОТЛАР ТОПШИРИЛИШИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Республикамиз бўйлаб Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан соҳа ходимларини тақдирлаш давом этмоқда.
Хусусан, Миллий гвардия тизимларида ўз бурчига садоқат ва намунали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимлар, шунингдек, биргаликда самарали хизмат олиб бораётган ҳамкор ташкилотлар вакилларини муносиб тақдирлаш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Р.Джураев, Халқ таълими вазири ўринбосари В.Ражапов, Республика Маънавият ва маърифат маркази тарғиботчиси профессор Ж.Шермухаммедова ва шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қўл жанги, Камондан отиш федерация раиси ўринбосарлари, От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори, фахрийлар ҳамда қўмондонлик шахсий таркиби иштирок этди.
Тантанали маросимда Миллий гвардия қўмондони тизимда ўтган қисқа давр мобайнида амалга оширилган туб ислоҳотлар ва уларнинг таҳлилига тўхталар экан, келгуси 2022 йилда бу ҳаракатларни максимал даражага олиб чиқиш ҳамда олдинда турган энг муҳим ва устувор вазифалардан бири- инсон қадри тамойили асосида хизмат олиб борилишини янги босқичга кўтариш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Фармони билан, тизимда хизмат олиб бораётган 25 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг давлат мукофотига лойиқ деб топилиши ҳамда 15 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимларга навбатдаги “полковник” ҳарбий (махсус) унвонлари тақдим этилганлиги барчага янада шижоат ва ғайрат бағишлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 30 йил” эсдалик нишонлари ҳамда Миллий гвардиянинг I-II-III даражали “Намунали хизматлари учун”, “Маънавият аълочиси” кўкрак нишонлари ва шу қаторда, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик қўл соатлари ўз эгаларига топширилди.