ЮКСАК МАРРАЛАР САРИ СПОРТ БИЛАН
Айни ёз кунларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда уларни спортга ошно қилиш мақсадида, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан турли спорт тўгараклари ташкил этилган.
Айниқса, ушбу тўгаракларга малакали ҳарбий хизматчилар ҳамда тизимда хизмат олиб бораётган спорт усталари иштирок этиб, ёшларга маҳорат дарсларини ўтиши ёшлар қалбида ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини жо этибгина қолмай, уларнинг ҳам келгусида Миллий гвардия тизимида хизмат қилишдек орзуларига қанот бўлмоқда.
Фикримиз далили сифатида, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бухоро олимпия захиралари спорт коллежида кураш спорт тури бўйича фаолияти йўлга қўйилган тўгаракларнинг бирини келтириб ўтишимиз мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ушбу тўгаракда бугунги кунда 60 дан зиёд мактаб ёшидаги ҳамда уюшмаган йигит-қизларнинг мунтазам иштирок этиб келаётганлиги, ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тарафдори эканликларини яна бир бор амалда кўрсатмоқда.