Ўзбек боксчилари Токиога йўл олишди
Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон бокс терма жамоаси Японияда бўлиб ўтадиган Олимпиада мусобақаларида иштирок этиш учун Токиога йўл олди.
Мазкур мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик боксчилар анъанага кўра, тайёргарликнинг сўнгги босқичини терма жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов бошчилигида Япониянинг Токио шаҳрида ўтказишади.
Шу муносабат билан, Миллий гвардия, Миллий олимпия қўмитаси ва Бокс федерацияси мутасадди раҳбарлари И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Элшод Расулов мураббийлигида сафдошларимизни кузатар экан, уларга самимий тилаклар билдириб, нуфузли мусобақада фақат ғолибликни қўлга киритишда юксак ишонч билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек боксчилари Токиодаги Олимпия ўйинларида қуйидаги таркибда иштирок этади:
Эркаклар: -52 кг вазнда Шаҳобиддин Зоиров, -57 кг вазнда Миразиз Мирзахалилов, -63 кг вазнда Элнур Абдураимов, -69 кг вазнда Бобоусмон Батуров, -75 кг вазнда Фанат Қаҳрамонов, -81 кг вазнда Дилшод Рўзметов, -91 кг вазнда Санжар Турсунов, +91 кг вазнда Баҳодир Жалолов.
Аёллар: -51 кг вазнда Турсуной Раҳимова, -60 кг вазнда Райҳона Қодирова, -69 кг вазнда Шаҳноза Юнусова.
Терма жамоа сафидаги боксчиларнинг 5 нафари Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари эканлиги фахр-ифтихор бағишлайди.
Маълумот учун, Токио Олимпиадасида бокс баҳслари 24 июль куни старт олади. Мазкур мусобақада барча спортчиларимизга яна бир бор омад тилаб қоламиз!