Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича бошқармалари офицерлари, мутахассис психологлари иштирокида ахлоқий-руҳий тайёргарликни ташкиллаштириш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.
Мазкур жанговар тайёргарлик машғулотлари давомида ҳарбий хизматчиларга экстремал вазиятдаги ҳаракатлар, ахлоқий-руҳий тайёрлашнинг усул ва воситалари тушунтирилиб, реал воқеаликга яқинлаштирилган ҳолда, 3 та ўқув нуқтасида кўрсатиб берилди.
Даставвал биринчи ўқув нуқтасида дала шароитида руҳий енгиллаштириш хонасини жиҳозлаш ва унинг ишини ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг, махсус тактик тайёргарлик машғулотлари давомида сунъий равишда жисмоний ва руҳий зўриқишларни яратиш орқали ҳарбий хизматчининг жисмоний ва руҳий кучини, унинг экстремал ҳаракатларга, ҳаёт учун ҳаддан ташқари ноқулай омилларга қарши туриш қобилиятини синаш, ирода ва қатъиятликни сақлаб қолиш, унга қўйилган жанговар вазифани охиригача бажариш кўникмалари махсус йўлакларда кўргазмали тарзда бажарилди.
Иккинчи ўқув нуқтасида эса ҳарбий хизматчилар томонидан ўзларига ишонч ва қатъиятлиликни ошириш учун хизмат қиладиган жанговар ҳайқириқлари эшитилди. Бундан ташқари ўқ отиш тайёргарлиги машғулотлари жараёнида сунъий равишда жисмоний ва руҳий зўриқишларни яратиш орқали шахсий таркибнинг душманга қарши муваффақиятли қарши туриш, билим, кўникма ва малака, жанговар маҳорати ва ўзига ишончи намойиш этилди.
Учинчи ўқув нуқтаси Жамоат хавфсизлиги университети базасида ўтказилди. Унда мажмуавий тўсиқлар йўлагида сунъий равишда барпо этилган турли тўсиқлардан ўтиш орқали шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлигини ташкиллаштириш усуллари ўқув йиғини иштирокчиларига ҳавола этилди.
Кўргазмали ўқув йиғини якунида университет профессор ўқитувчилари иштирокида миллий ва хорижий тажриба муҳокама қилинди ва келгуси режалар белгилаб олинди.