САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Миллий гвардиянинг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси томонидан хорижий шериклар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасида кўплаб учрашув, тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Миллий гвардияси вакиллари АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳарбий атташеси, подполковник Б.Букхольц билан АҚШ элчихонаси Ҳарбий ҳамкорлик бўлими бошлиғи майор Жоэл Спрингстед билан ишчи учрашув ўтказдилар.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида стратегик шерикликни турли соҳаларда, жумладан хавфсизлик, жамоат тартибини сақлаш ва ҳарбий ҳамкорлик масалаларида ривожлантириш муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва АҚШ Қуролли Кучлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар.
Ўз навбатида, Америка делегацияси вакиллари ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликдаги амалий тадбирлар юқори даражада ташкил этилаётганини таъкидладилар.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида томонлар музокаралардан мамнун эканлигини билдириб, ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.