Саудия Арабистони Подшоҳлиги Миллий гвардияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг халқаро ҳамкорлиги доирасида жорий йилнинг 21 март куни Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураевнинг Саудия Арабистон Подшоҳлиги Миллий гвардияси Ҳарбий ташкилоти раҳбари генерал-майор Мухаммад бин Зайид ал-Қаҳтани жаноби олийлари билан онлайн видеомулоқоти бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёвнинг 2022 йилнинг август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигига амалга оширилган Давлат ташрифи давомида давлатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни барча соҳаларда кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар доирасида ташкил этилди.
Видеомулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги дўстона алоқалар кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилиб, икки давлат Миллий гвардиялари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ўрнатилиши мамлакатларимиз ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ўзаро муносабатларни янада кенгайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Дўстона ва конструктив мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида икки давлат Миллий гвардиялари ўртасида жамоат тартибини сақлаш, муҳим объектларни қўриқлаш ҳамда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш ташрифлари, амалий тренинглар ва семинарлар ташкил этиш, таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқишга келишиб олинди.
Миллий гвардия
Халқаро ҳамкорлик бошқармаси