Миллий гвардия қўмондони Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйида ташкил этилган байрамона тадбирда иштирок этди
Юртимизда баҳор шукуҳи кезиб юрган айни паллада ўтказилаётган баҳорий тадбирлар барчага кўтаринки кайфият бағишламоқда.
Хусусан, Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли Меҳрибонлик уйида ташкил этилган тадбир ҳам катта шодиёнага айланиб кетди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Чирчиқ шаҳар ҳокими Д.Хидоятов, шаҳар прокурори Ҳ.Бўриев, ҳамкор ташкилотларнинг мутасадди раҳбарлари ҳамда тизим ҳарбий хизматчилари ҳам иштирок этиб, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари хурсандчилигига шерик бўлишди.
Юқори савияда ташкил этилган байрамона тадбирда тарбияланувчи ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш мақсадида, “Энг яхши ош” ҳамда “Энг яхши баҳор салатлари” танловлари ўтказилди.
Танловда Жамоат хавфсизлиги университетининг курсант қизлари, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар иштирокчиларга яқиндан ёрдам беришди.
Якуний натижаларга кўра, бир-биридан ширин таомлар тайёрлаган жамоалар турли номинациялар бўйича муносиб рағбатлантирилди.