Миллий гвардия Навоий вилояти бўйича бошқармасига қарашли “Кармана” дала ўқув марказида Миллий гвардия бўлинмаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, кейинги хизмат фаолиятини давом эттириш мақсадида янги қабул қилинган ҳарбий хизматчилар учун ўқув йиғини ўтказилди.
Қирқ беш кун давомида билдим ва кўникмаларини мустаҳкамлаган гвардиячиларнинг тантанали “Миллий гвардияга қасамёд” маросими юқори руҳда ўтказилди.
Ушбу муҳим тадбир Ватан олдидаги бурч ва садоқатни яна бир бор мустаҳкамлаш, ёш ҳарбий хизматчиларда масъулият ҳиссини кучайтириш ҳамда уларни хизмат фаолиятига руҳий ва маънавий жиҳатдан тайёрлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Маросимда Миллий гвардия қўмондонлиги вакиллари, Навоий вилояти ҳокимлиги масъуллари, Ҳарбий прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси, Мудофаа ишлари бўлими вакиллари, шунингдек, Нуронийлар кенгаши аъзолари, фахрий меҳмонлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида меҳмонлар учун ўқув марказида ташкил этилган кўргазмали машғулотлар намойиш этилди. Унда ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар тайёргарлик элементлари, махсус тактик ҳаракатлар ҳамда амалий ўқув жараёнлари кўрсатиб берилди. Ушбу чиқишлар айниқса ота-оналар ва ёш томошабинларда катта таассурот қолдириб, Миллий гвардияда олиб борилаётган замонавий тайёргарлик тизими ҳақида янада кенг тасаввур ҳосил қилди.
Шундан сўнг ҳарбий оркестрнинг тантанавор куй-қўшиқлари остида шахсий таркиб белгиланган саф майдонига тартибли равишда саф тортди. Қасамёд жараёни Ватан олдидаги садоқат, интизом ва масъулият рамзи сифатида жуда таъсирли ва кўтаринки руҳда ўтказилди. Меҳмонлар ушбу жараёнда бевосита иштирок этиб, янги ҳарбий хизматчиларга сертификатларни тантанали равишда топширдилар. Жами 171 нафар тингловчи белгиланган намунадаги ҳужжатларни қабул қилиб олди.
Тадбир давомида Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари полковник А.Сармонқулов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-полковник Б.Ташматовнинг қасамёд қилаётган ёш ҳарбийларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда сўнгги йилларда Миллий гвардия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан 45 кунлик махсус ўқув дастури орқали ёш хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги, руҳий барқарорлиги, махсус билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, табрикда ҳар бир ҳарбий хизматчининг Ватанга садоқат билан хизмат қилиши, интизом ва масъулиятни ҳаётий тамойил сифатида қабул қилиши зарурлиги алоҳида қайд этилди ҳамда уларга келгуси хизмат фаолиятида муваффақиятлар тилаб қолинди.
Маросим давомида меҳмонлар, ота-оналар ва фахрийлар ҳам сўзга чиқиб, ёш ҳарбийларга эзгу тилакларини билдирдилар. Улар Миллий гвардия сафида хизмат қилиш катта шараф эканини таъкидлаб, ёшларнинг Ватанга садоқат билан хизмат қилишига ишонч билдиришди.
Тадбир якунида ўқув йиғинида ўзининг намунали интизоми, фаоллиги ва юқори натижалари билан ажралиб турган бир гуруҳ тингловчилар Миллий гвардия қўмондони ўринбосари томонидан ташаккурномалар билан тақдирландилар. Бу эса ёш хизматчилар учун янада катта рағбат ва мотивация бўлиб хизмат қилди.
Тадбир сўнгида Миллий гвардия намунали ҳарбий оркестрининг бадиий чиқишлари, қўл жанги бўйича кўргазмали намойишлар ҳамда ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди. Маросим кўтаринки руҳда, Ватанга садоқат ва фидойилик туйғулари билан якунланди.