Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б. Ташматов раислигида 2026 йилнинг ўтган олти ойи давомида тизимда амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор тарзидаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б. Ташматов раислигида 2026 йилнинг ўтган олти ойи давомида тизимда амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор тарзидаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган мазкур йиғилишда Миллий гвардия қўмондони ўринбосарлари, таркибий ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлар командирлари, шунингдек, соҳага оид масъул раҳбарлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Миллий гвардия қўмондони кун тартибидаги масалаларга ўтишдан аввал дунё ва минтақамизда содир бўлаётган, мамлакатимизга хавф туғдириши мумкин бўлган ижтимоий ва ҳарбий-сиёсий вазиятга тўхталиб, бир қатор мисоллар келтириб ўтди.
Шунингдек, бундай таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш мақсадида Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан куч тузилмаларининг ҳар томонлама шайлигига алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу берилди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар Миллий гвардиянинг жанговар салоҳиятини янада оширишга ҳамда вазият ўзгарганда унга тезкор таъсир кўрсатиш имкониятларини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шундан сўнг, кун тартибига киритилган асосий йўналишлардан бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг жанговар шайлиги ва махсус тайёргарлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бўлинмаларда шахсий таркиб орасида ҳарбий интизом ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий тайёргарликни такомиллаштириб бориш ҳамда моддий-техник таъминот масалалари каби муҳим масалалар таҳлилий ва танқидий жиҳатдан кўриб чиқилди.
Мазкур йўналишларда қўмондон ўринбосарлари ва масъул раҳбарлар ўз маърузалари билан вилоятлар кесимида ҳисоботлар беришди. Ўз ўрнида, Қўмондон томонидан мавжуд камчиликлар ва уларни кечиктирмасдан, ўз вақтида бартараф этиш чора-тадбирлари юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Қўмондон томонидан юқорида кўриб чиқилган масалалар юзасидан шахсий таркибнинг қатъий интизоми, ҳарбий бурч ва хизмат мажбуриятларини бажаришда командирларнинг шахсий намуна бўлишлари, шунингдек, барча раҳбар ва ҳарбий хизматчиларнинг шахсий масъулиятини ошириш, хизмат жараёнларини танқидий таҳлил қилишни кундалик меъёрга айлантириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, келгусида тизим олдида турган муҳим вазифалар ва уларни амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар ҳамда Миллий гвардия бошқарув органи ва бўлинмаларининг 2026/2027 ўқув йилига мўлжалланган асосий тадбирлар режасининг амалий ижросини тўлиқ таъминлаш ва қатъий назоратга олиш юзасидан тегишлилиги бўйича топшириқлар берилди.