Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари учун ташкиллаштирилган байрамона тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони билан Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимларининг ҳам бир гуруҳи мукофотланди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев иштирок этиб, тизимдаги барча шахсий таркибни мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан самимий муборакбод этди ва давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган 14 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимларга “Мардлик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Содиқ хизматлари учун” ,“Шуҳрат” медалларини топширди.
Шунингдек, Энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллик куни муносабати билан Миллий гвардия қўмондони буйруғига асосан хизматда юқори натижаларга эришган 10 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимларга навбатдаги “полковник” ҳарбий ҳамда махсус унвонлари, 3 нафарига муддатидан олдинги “подполковник”, “капитан”, “катта лейтенант” махсус унвонлари, 7 нафарига “Аъло хизматлари учун”, 20 нафарига “Миллий гвардия фидойи ходими”, 10 нафарига “Маънавият аълочиси”, 65 нафарига “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишонлари ҳамда 100 дан ортиқ фахрий ёрлиқ ва эсдалик қўл соатлари топширилди.
Бундан ташқари намунали хизмат қилиб келаётган 120 нафар муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига Миллий гвардия қўмондонлиги номидан ташаккурномалар юборилди.
Мазкур байрам муносабати билан тизимда фаолият юритиб келаётган 472 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда фахрийлар ва ишчи-хизматчиларнинг муносиб тақдирланганлиги, уларнинг кейинги хизмат давомидаги шижоатини оширишга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.
Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан самимий муборакбод этамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!