Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг мажлислар залида Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев раҳбарлигида идоралараро ишчи гуруҳ штабининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 31 январь куни Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев бошчилигида ҳудудларда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш фаолиятини баҳолаш юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Б.Абдуллаев, тегишли соҳа вакиллари ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этишди.
Мазкур йиғилишда вилоят ижтимоий инфратузилма объектларининг реал ҳолатини, аҳолини газ, электр энергияси, кўмир ва ичимлик суви билан таъминлаш аҳволи ва фуқароларнинг ушбу тизимдан розилигини ўрганиш, истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлигини, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиётига оид масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган долзарб кундалик ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этишда секторлар фаолиятининг самарадорлиги, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик, ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш;
- Олий таълим муассасалари талабалари учун ётоқхоналар таъминоти, ижарада яшовчи талабаларни қўллаб – қувватлаш ҳамда назоратга олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда бандлигини таъминлаш;
- Доимий яшаш жойи бўлмаган фуқароларни реабилитация қилиш марказларига жойлаштириш, наркология диспансерлари, тиббий бирлашмалардаги шароитлар билан яқиндан таништириш;
- истеъмол бозорлардаги нархларнинг барқарорлигини таъминлаш. Озиқ-овқат резервларининг етарлигини ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитларнинг яратилганлигини ўрганиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.
Йиғилишда соҳа мутасаддиларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ўз фаолиятини бошлади.