НУРАФШОН ШАҲРИДАГИ ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИДА КАМОНДАН ОТИШ СЕКЦИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида жойлашган Президент мактаби биносида Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан спортнинг Камондан отиш тури бўйича доимий фаолият олиб боришга мўлжалланган тўгарак ташкил этилди.
Эндиликда мазкур таълим муассасасидаги ўқувчилар, мунтазам равишда Камондан отиш спорт тури билан шуғулланиш имкониятига эга бўлдилар.
Шу куни мураббийлар томонидан ўқувчиларга камондан отиш сирлари, ёйларни қандай йўналтириш техникаси ва нишонни аниқ мўлжалга олиш сир асрорлари борасида маълумотлар берилиб, амалий машғулотлар ўтказилди.
Эслатма ўрнида бугунги кунга келиб Тошкент вилояти ҳудудида 8 та секцияда 867 нафар ёшлар камондан отиш тўгаракларида ўз маҳоратларини оширишмоқда. Келажакда бу ёшлар мамлакатимиз нуфузини янада оширадиган, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтарадиган муносиб спортчилар бўлиб етишишларига ишонч билдирамиз.