Миллий гвардия ҳудудий бўлинмалари ҳарбий хизматчи ва ходимлари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танлови ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32-йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Миллий гвардиянинг Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисм ва унинг таркибий бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танлови бўлиб ўтди.
Унда ҳарбий қисмнинг “Фаҳрий қоровул шунқорлари”, “Forward”, “Snobs”, бўлинмаларнинг “Янгиланиш”, “Майдондаги болалар” жамоалари иштирок этди. Мусобақа давомида жамоалар “Танишув”, “Мусиқали чиқиш”, “Уйга вазифа” шартлари бўйича беллашдилар ва ҳайъат аъзолари, томошабинлар эътиборига бир-биридан қизиқарли, юморга бой бўлган саҳна кўринишларини тақдим этдилар.
Таъкидлаш керакки, бугуннинг томошабинини ҳайратда қолдириш тобора қийинлашиб бормоқда, шунинг учун ҳам дастлабки “Танишув” шартида жамоалар биринчи дақиқалардан зал эътиборни тортиш мақсадида иштирокчиларни таништирув жараёнини ҳазиллар ва миниатюралар билан бойитдилар.
Гуруҳлар аъзолари ўзларининг ижро қобилиятларини ишга солишларини назарда тутувчи “Мусиқали чиқиш” шартида эса ҳарбийлар ҳаёти, хизмат чоғида юзага келган қизиқарли ва эсда қоларли воқеалар акс этган мусиқали чиқишларни намойиш этилди.
“Уйга вазифа” шарти эса кўрик танловга якун ясаб берадиган анъанавий мусобақа ҳисобланади. Ўйин қоидаларида белгиланганидек, ушбу шартда жамоалар пародиялар, ҳазиллар ва миниатюралардан иборат чиқишларни йиғилганлар эътиборига ҳавола қилдилар.
Якуний натижаларга кўра 3 ўрин “Forward” жамоасига, 2 ўрин эса “Snobs” жамоасига насиб этган бўлса, 1 ўрин эгалари деб “Фаҳрий қоровул шунқорлари” жамоаси аъзолари топилди.
Тадбир сўнггида эса ғолиб ва иштирокчи жамоалар диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.