Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Халқаро ҳамкорлик бошқармаси томонидан хорижий шериклар билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш Бош бошқармаси ва Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш департаменти ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди. Мазкур тадбир бутун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси туфайли онлайн шаклда амалга оширилди. Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш департаменти бошлиғи милиция полковниги А. Шепелев Миллий гвардия Қўриқлаш Бош бошқармаси билан ҳамкорлик қилишдан ўз мамнуниятини билдириб, келгусида мамлакатларимиз равнақи учун биргаликдаги тадбирларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши кескин кураш олиб бориш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 26-27 январь кунлари Миллий гвардия Халқаро ҳамкорлик бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда Буюк Британиялик мутахассислар шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирокида “Катта раҳбарлар даражасида яхлитликни ўрнатиш” онлайн минтақавий курси ташкил этилди.Тадбирда раҳбарлар даражасидаги бир гуруҳ Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари иштирок этишди. Мазкур курсда мудофаа ва хавфсизлик соҳасида коррупция хавфини аниқлаш ва институционал яхлитликни ўрнатиш учун муносиб ечимлар муҳокама қилинди.