Миллий гвардия сафларидаги Тўмарис издошлари дала ўқув машғулотларида билим, кўникма ва жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлашмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан аёлларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш ва уларнинг турли соҳалардаги фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда ва бунда гендер тенгликни таъминлаш асосий мақсад қилиб олинган.
Бу борада Қуролли Кучлар тизимида ҳам аёлларнинг иштироки яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилаётган қизлар сонининг сўнги йилларда ўсиб бораётганлиги ва эркаклар билан бир сафда туриб юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойиштадигини таъминлашдек машаққатли ва шарафли вазифаларни адо этайтганликлари муҳим аҳамият касб этади.
Бунинг учун эса гвардиячи қизлардан юқори жанговар шайлик ва жисмоний тайёргарлик талаб этилади. Куни кеча дала ўқув майдонида ўтказилган ҳарбий тайёргарлик машғулотлари эса фикримиз далилидир.
Машғулотларда аёл ҳарбий хизматчилар йигитлар билан елкадош бўлиб, барча жараёнларда фаол иштирок этган ҳолда ўзларининг жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик даражасини амалда намоён этишди. Улар тактик машқларни бажариш, ўқ отиш, жанговар вазиятда ҳаракат қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби кўникмалар бўйича синовлардан муваффақиятли ўтишди.
Бу каби машғулотлар гвардиячи қизларнинг жасорати ва масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.